Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ҳаром амаллар

Муқаддима

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кишини адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман.

Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла фарз амалларни вазифа қилиб белгилаб қўйди, уларни тарк қилиш мумкин эмас. Ҳудудларни чегаралаб қўйди, уларни ҳатлаб ўтиш жоиз эмас. Баъзи нарсаларни ҳаром қилди, уларга риоя қилмаслик мумкин эмас.  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Аллоҳ Китобида нимани ҳалол қилган бўлса, у ҳалолдир, нимани ҳаром қилган бўлса, бас у ҳаромдир. Нимадан сукут қилган бўлса, у илтифотдир. Аллоҳдан илтифотини қабул қилинглар, чунки Аллоҳ унутувчи эмас. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Парвардигорингиз унутувчи эмас” оятини ўқидилар” (Ҳоким ривояти).

Ҳаром қилинган амал ва нарсалар Аллоҳнинг чегараларидир: “Ким Аллоҳнинг ҳукмларидан тажовуз қилса у ўзига зулм қилибди” (Талоқ: 1).

 Аллоҳнинг чегараларини бузиб ўтган ҳамда ҳаром қилинган амал ва нарсаларга риоя қилмаганларга Аллоҳ азза ва жалла таҳдид қилиб шундай дейди: “Ким Аллоҳнинг ҳукмларини инкор қилиш билан ва Аллоҳ бандаларига жорий қилган нарсаларни ўзгартириш ёки уларга амал қилишни тўхтатиш билан тажовуз қилиб, Аллоҳ ва Расулига осий бўлса, Аллоҳ уни дўзахга мангу қоладиган ҳолда киритади, у учун хорловчи азоб бордир” (Нисо: 14).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига кўра ҳаромлардан сақланиш фарздир: “Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан албатта сақланинглар ва нимага буюрган бўлсам, уни қодир бўлганингизча қилинглар” (Муслим ривояти).

Баъзи ҳавойи нафсига эргашган, заиф ва нодон кимсалар, ҳаром нарсалар ҳақида гап кетса, аччиғи чиқиб, норози ҳолда: “Сизларга қолса ҳамма нарса ҳаром. Дин енгил бўлса, озгина бемалол қўйиш керак! Ҳаётимизни зерикарли қилиб юбординглар-ку?! Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”, дейдилар.

Биз уларга айтамиз: “Аллоҳ таоло хоҳлаганини ҳукм қилади. Унинг ҳукмини таъқиб қилувчи йўқ. Аллоҳ ҳикмат соҳиби, ҳар нарсадан огоҳдир. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани ҳалол, хоҳлаганини ҳаром қилади. Бизнинг бандалигимиз тақозо қилган иш, Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб, сўзсиз таслим бўлишдир.

Аллоҳ таолонинг ҳукмлари беҳуда, ўйин ва ҳазил учун эмас, балки Унинг илми, ҳикмати ва адолатидан келиб чиқиб содир бўлувчидир. Аллоҳ таоло деди: “Раббингизнинг сўзи – яъни Қуръон – хабарлари ва сўзларининг ростлиги ҳамда ҳукмларининг адолатлилиги жиҳатидан комил бўлди. Ҳеч ким Аллоҳнинг комил сўзларини ўзгартиришга қодир эмас. Аллоҳ таоло бандаларининг сўзларини эшитиб турувчи, уларнинг ошкору махфий ишларини яхши билувчи Зотдир” (Анъом: 115).

Аллоҳ таоло ҳалол ва ҳаром бобидаги таянч қоидани бизларга баён қилиб бундай дейди: “…уларга тоза-пок нарсаларни ҳалол қилиб ва барча нопок нарсаларни ҳаром қилади” (Аъроф: 157). Демак, ҳалол нарсалардан мақсад “тоза-пок нарсалар” ва ҳаром нарсалардан мақсад эса “барча нопок нарсалар” экан.

Ҳалол ёки ҳаром қилиш ёлғиз Аллоҳнинг ҳаққидир. Ким бу ҳақни ўзи ёки бошқа кимса учун даъво қилса, у Исломдан чиқиб, кофир бўлади: “Балки, Аллоҳга ширк келтираётган ўша мушрикларнинг ширк ва залолат каби Аллоҳ изн бермаган нарсаларни уларга ўйлаб топиб бераётган шериклари бордир?!” (Шўро: 21).

Китоб ва суннатни яхши тушунган шариат олимларидан бошқа бирон кимсанинг ҳалол ва ҳаром масаласида гапириши жоиз эмас. Илмсиз “бу ҳалол, бу ҳаром” дегувчилар учун қаттиқ таҳдидлар келган: “Эй мушриклар, Аллоҳ номидан уйдирма тўқиш учун тилингизга келган ёлғонни айтиб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсани “бу ҳалол” деб, Аллоҳ ҳалол қилган нарсани “бу ҳаром” деб айтаверманглар. Албатта, Аллоҳ номидан уйдирма тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар”  (Наҳл: 116).

Зеро, қатъий ҳаром қилинган нарсалар Қуръон ва суннатда зикр қилинган: “Эй Пайғамбар, уларга айтинг: “Келинглар, мен сизларга Раббингиз сизлар учун ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай: ибодатда маҳлуқотларидан бирор нарсани Унга шерик қилманглар. Ота-онангизга яхшилик қилинглар. Фарзандларингизни камбағалликдан қўрқиб ўлдирманглар” (Анъом: 151).

Шунингдек, ҳадисларда ҳам ҳаром нарсалар зикр қилинган, жумладан: “Аллоҳ таоло маст қилувчи ичимлик, ўлакса, тўнғиз ва бутларнинг савдосини ҳаром қилди” (Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ бирор нарсани ҳаром қилса, унинг пулини ҳам ҳаром қилган”  (Дорақутний ривояти).

 Қуръонда ҳаром нарсаларнинг алоҳида турлари ҳам зикр қилинган. Масалан, унда ҳаром таомлар ҳақида шундай дейилади: “Аллоҳ сизларга ўлимтикни – сўйилмасдан ўлиб қолган ҳайвонни ҳаром қилди. Яна У сизларга оқиб чиққан қонни, тўнғиз гўштини, сўйиш пайтида Аллоҳдан бошқанинг исми айтилган ҳайвонни ва бўғилиб ўлган, таёқ ёки тош каби нарсалар билан уриб ўлдирилган, баланд жойдан қулаб ёки қудуққа тушиб (кетиб) ўлган ҳайвонни ва бошқа бир ҳайвон сузиб ўлдирган ҳайвонни сизларга ҳаром қилди” (Моида: 3).

Қуръонда никоҳланиш ҳаром қилинган маҳрам аёллар ҳақида эса шундай дейилади: “Сизлар учун оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз – мана шу санаб ўтилган аёлларга уйланиш ҳаром қилинди” (Нисо:23).

Ҳаром касблар ҳақидаги оят: “Аллоҳ олди-сотдини ҳалол, рибо-судхўрликни эса ҳаром қилди” (Бақара: 275).

Аллоҳ таоло бандаларга меҳрибон Зот бўлганидан, чексиз ва турли ноз-неъматларни уларга ҳалол қилиб берди. Ҳалол нарсалар беҳисоб ва мўл-кўл бўлганидан бизларга уларни муфассал баён қилмади. Балки бизлар уларни билишимиз ва сақланишимиз учун саноқли бўлган ҳаром нарсаларнигина муфассал баён қилди: “Ахир Аллоҳ таоло сизлар учун ҳаром қилган нарсаларнинг барчасини баён қилиб қўйган, фақат қаттиқ очлик пайтида, зарурат тақозо қилган ҳолатда, сизлар учун ўлимтик каби ҳаром қилинган нарсалардан ейишга рухсат этилади” (Анъом: 119).

Модомики пок бўлар экан, ҳалол нарсаларни умумий суратда мубоҳ қилди: “Эй одамлар, Аллоҳнинг сизлар учун ерда ҳалол қилиб қўйган ризқидан енглар. Сизлар ҳалол ва ҳаром қилишда, бидъат ва маъсиятларда шайтоннинг йўлларига эргашманглар. Зотан, у сизларга адовати очиқ-ойдин бўлган душмандир” (Бақара: 168).

Бирон нарсанинг ҳаром эканига далил йўқ экан, унинг аслида пок ва мубоҳ саналиши Аллоҳнинг раҳмати, карами ва бандаларга кенгчилигидир. Аллоҳнинг бу неъмати учун Унга ҳамду сано айтиб, тоат-ибодат ила шукроналар қилиш бизларга вожибдир.

Баъзи одамларга ҳаром нарсаларни санаб, муфассал баён қилинса, шариат аҳкомларидан юраклари сиқилиб қолади. Бу уларнинг иймонларининг заифлиги ва шариатни билмасликларининг натижасидир. Улар динни осон эканига қаноат ҳосил қилишлари учун, уларга ҳалол нарсаларнинг ҳамма турини санаб чиқилишини хоҳлайдиларми? Ёки шариат уларнинг ҳаётларини оғир қилмаётганига қалблари таскин топиши учун, пок нарсаларнинг ҳамма турини ҳисоблаб чиқилишини истайдиларми?!

Шариатга мувофиқ сўйилган туя, сигир, қўй, қуён, кийик, эчки, товуқ, каптар, ўрдак, ғоз ва туяқуш гўшти ҳамда чигиртка ва балиқнинг ўлимтиги ҳам ҳалолдир. Кўкатлар, полиз экинлари, мева-чевалар, дон-дунлар ва бошқа фойдали маҳсулотлар ҳалолдир. Сув, сут, асал, ёғ ва сирка ҳалолдир.  Туз, қалампир ва зираворлар ҳалолдир. Ёғоч, темир, қум, тош, елим, шиша ва резиналарни ишлатиш ҳалолдир.  От, туя, машина, поезд, кема ва самолётларга миниш ҳалолдир. Кондиционер, музлатгич, кир ювиш машинаси, тегирмон, хамир қорийдиган, гўшт майдалайдиган ускуналар, жувоз ва булардан бошқа табобат ускуналари, муҳандислик, математика, фалакиёт ва меъморлик асбоб-ускуналари, расадхона, сув, нефт ва газ каби ер ости бойликларини қазиб чиқариш, селекциячилик, лабаратория, босмахона ва пул алмаштириш ускуналари ҳалолдир…  Пахта ва жундан тўқилган газмоллар, духоба, пахмоқ, мубоҳ терилар, нейлон ва политилен ҳалолдир… Никоҳ, савдо-сотиқ, кафолат, ҳавола (яъни қарзни бир зиммадан бошқа зиммага ўтиши), ижара, касб-ҳунарлар: дурадгорлик, темирчилик, устачилик ва чўпонлик ҳалолдир.   Кўриб турганингиздек, ҳалол нарсаларни санаб адоғига етиб бўлмайди.

Аммо айрим кимсалар “дин енгилдир” дея, ҳақ сўзни ботил мақсадда фойдаланмоқчи бўладилар. Негаки, динимиздаги енгиллик тушунчаси, одамларнинг ҳавойи-нафси ва уларнинг кўз-қарашларига кўра эмас, балки шариат кўрсатмаларига биноан белгиланади. Дин енгилдир деган ҳужжатни ушлаб олиб ҳаромга эътибор бермаслик билан шариат рухсат берган енгилликлардан фойдаланиш ўртасида фарқ бор. Зеро, сафарда намозни қаср ўқиш ва жамлаш, рўза тутмаслик ёки муқим одам бир кун, мусофир эса уч кун маҳсига масҳ тортиши, сув топилмаган ёки уни ишлатиш имконсиз бўлганида таяммум қилиш, касаллик ёки ёмғир ёққан пайтда намозни жамлаш, уйланмоқчи бўлган аёлга қарашнинг жоизлиги, қасамини бузган киши каффоратига қул озод қилиш, мискинларга таом едириш ёки уларга кийим кийдиришдан бирини ихтиёр қилиши, мажбур қолган ҳолатда ўлакса ейиш ва ундан бошқа шариат рухсат берган ишлар динимиздаги енгилликлар ҳисобланади.

Шунингдек, мусулмонлар ҳар қандай ҳаром қилинган иш ёки нарсаларда Аллоҳнинг бир қанча ҳикматлари бор эканини билишлари лозим. Жумладан, ҳаром нарсалар билан Аллоҳ таоло бандаларни имтиҳон қилиб, уларни қандай амал қилишларига қарайди. Жаннат аҳлининг дўзах аҳлидан ажралиш томони ҳам шунда: аҳли дўзахлар, дўзахга элтувчи шаҳватларга шўнғиб кетадилар, жаннат аҳли эса, жаннат йўлидаги машаққатларга сабр қиладилар. Агар бу имтиҳон бўлмаганида, гуноҳкорни итоаткордан ажратиб бўлмас эди. Иймон аҳли буйруқ ва қайтариқлар машаққатига сабр қилиш орқали ажру савоб олиш, Аллоҳнинг амрини бажариш билан Унинг ризосига эришишни мақсад қиладилар. Шунинг учун машаққатлар уларга енгил бўлади. Нифоқ аҳли эса буйруқ ва қайтариқлар машаққатини, шунчаки жонни қийнаш, дунё лаззатларидан ўзини маҳрум қилиш деб ўйлайдилар. Шунинг учун бу машаққатлар уларга оғир ва тоат-ибодатлар қийин туюлади.

Ҳаром нарсаларни тарк қилиш билан итоаткор мўмин ҳаловат топади. Зеро, ким бирор нарсани Аллоҳ учун тарк қилса, Аллоҳ бу нарсанинг ўрнига ундан ҳам яхшисини беради. Шунингдек, мўмин киши қалбида иймон лаззатини ҳис қилиб, бундан роҳатланади.

Муҳтарам ўқувчиларимиз ушбу китобда Қуръон ва суннат асосида ҳаромлиги баён қилинган, шариатда ҳаромлиги собит бўлган бир қанча ҳаром амалларнинг баёнини топадилар.

Ҳаром нарсалар ёки уларнинг баъзи турлари ҳақида ўтган уламолар бир қанча китоблар ёзишган.  Имом Заҳабийнинг “Кабоир” (катта гуноҳлар) ва Ибн Нуҳос Димашқийнинг “Жоҳиллар амалларидан ғофилларни огоҳлантириш” каби китоблари шулар жумласидандир. Афсуски, ҳаром амалларни қилиш, ҳаром нарсаларга қўл уриш бугунги кунда мусулмонлар орасида кенг авж олган. Буларни эслатишдан мақсадим мусулмонларга ҳаром амалларни баён қилиш ва шу тариқа уларга насиҳат улашишдир. Аллоҳ таолодан ўзим ва барча мусулмон биродарларим учун ҳидоят ва тавфиқ сўраб қоламан. Аллоҳ таоло барчамизга Ўзининг худудларидан ўтмасликни, ҳаром нарсалардан сақланишни ва гуноҳлардан покланишни насиб этсин! “Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва У Зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир”.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan