Таржимондан

Ҳаром амаллар

Замони саодатдан узоқлашиб, охират кунига яқинлашиб борар экан, инсоният дунёда бахтли ҳаёт, охиратда эса нажот гарови бўлган Ислом дини ва унинг кўрсатмаларидан ғофил бўлиб бормоқда. “Нима ҳалол, нима ҳаром, қайси ишни қилсам савобга қоламан, қайси иш билан гуноҳга ботаман”, деб, қадамини ўйлаб босадиганлар камайишга тушди. Кофирларни қўйинг, мусулмонликни даъво қиладиганлар орасига ширк, нифоқ, ҳаром оралади. Одамлар бунга беэътибор, беписанд, енгил қарайдиган бўлиб қолди. Ҳолбуки, ҳаром ишларни қилиш кишини азобга лойиқ қилиб қўяди. Аллоҳ кечирмаса дўзахга гирифтор қилади. Қай биримиз азобга чидай оламиз? Ким дўзахга тушишни хоҳлайди? Табиийки, ҳеч биримиз буни истамаймиз. Шундай экан, ҳаром ишларга бепарво бўлмаслик, улардан узоқ бўлиш, ҳаромдан ҳазар қилиш керак.
Қўлингиздаги ушбу мўъжаз китоб Шайх Муҳаммад Солиҳ Мунажжид қаламига мансуб бўлиб, унда кўпчилик енгил санайдиган, аслида ҳаром бўлган бир қанча ишлар келтирилган.
Халқимизга манфаатли бўлар деган умидда китобни ўзбек тилига таржима қилиб, сиз азиз ўқувчиларга тақдим қиляпмиз. Шояд, китобда келтирилган ҳаром ишлардан халқимиз бохабар бўлса ва бу ишлардан сақланиб, дунё-ю охират азоб-уқубатларидан нажот топса. Аллоҳ таоло барчамизга ҳаромдан ҳазар қиладиган, ҳалол-пок ҳаёт кечирадиган чин мусулмон бўлишни насиб этсин. Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин.

Устоз Камолиддин Иноятуллоҳ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan