Ҳаром Амаллар: Аллоҳга Ширк Келтириш

Мақолалар

Қабрларга сиғинишдир

Кўпгина мусулмон шаҳарларда тарқаган ана шундай ширк турларидан бири қабрларга сиғинишдир.

Ҳожатларни қондиради, ғам-ташвишларни кетгизади, деган эътиқод билан қабрдаги кишилардан ёрдам сўраш ширкдир. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй инсон, Раббинг ибодатни ёлғиз Унинг Ўзига қилмоғингни амр этди” (Исро сураси, 23).

Шунингдек, ўтиб кетган пайғамбарлар, солиҳ кишилар ва улардан бошқалардан шафоат истаб ёки бошига тушган кулфатлардан халос этишни сўраб дуо қилиш ҳам ширк амалдир. Аллоҳ таоло дейди: “Ёки сизлар Аллоҳга ширк келтираётган ўша бут-санамларингизга ибодат қилиш яхшими ёки музтар бошига иш тушган одамнинг дуосини ижобат қиладиган ва унинг бошига тушган балоларни Ўзи аритадиган ва сизларни ерда ўзингиздан илгари яшаб ўтганларга ўринбосар қилиб қўядиган Зотга ибодат қилиш яхшими? Сизларга шу қадар кўп неъматларни инъом қилувчи Аллоҳ билан бирга яна бошқа бирон маъбуд борми?!” (Намл сураси, 62).

Баъзи одамлар турса ҳам, ўтирса ҳам, қоқилса ҳам бирон бир пир ёки авлиёнинг исмини зикр қилишни ўзига одат қилиб оладилар. Оғир аҳволга тушиб қолса ёки бошига мусибат келса, ё Муҳаммад, ё Али, ё Ҳусайн, ё Жийлоний, ё Шозалий ва ҳоказо чинакам авлиё бўлган ёхуд бўлмаган кишиларнинг номини тилга олиб илтижо қиладилар. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй мушриклар, Аллоҳни қўйиб, сиғинаётганингиз ўша бут-санамлар сизлар Раббингизга қандай қул бўлсангиз, улар ҳам Унга ана шундай қул (ва банда)дирлар. Агар сизлар уларни ибодатдан бирор нарсага лойиқ деган даъво(йи)нгизда содиқ бўлсангиз, қани, уларга дуо қилинглар, сизларга ижобат қилсинлар-чи?! (Аъроф сураси, 194).

Баъзи қабрпарастлар қабрларни тавоф қилишади, устун ва бурчакларини силашади, юзларини суртиб, остонасини ўпишади. Қабр олдида бўйинларини эгишади, ўзларини хор тутишади, тавозе билан ёлвориб, талаб-истакларини ва ҳожатларини сўрашади. Беморлар дардларига шифо тиласа, бефарзандлар фарзанд тилаган, яна кимдир ҳожатининг енгиллашини сўрайди. Гоҳо қабрда ётган кишига нола қилиб: “Эй саййидим, ҳузурингизга узоқ шаҳардан келдим, мени ноумид қайтарманг”, деб дуо қилишади. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳни қўйиб унинг қилаётган дуоларига ижобат қилолмайдиган ўликлардан, тоғу тошлардан, дарахтлардан ва шу каби бут-санамларга ибодат, дуо-илтижо қилаётган кимсалардан кўра адашганроқ, жоҳилроқ ким бор? Ҳолбуки бу бут-санамлар ўзига сиғинаётган кишиларнинг дуоларидан ғофил, бехабар уларга фойда ёки зарари етишдан ожиздир” (Аҳқоф сураси, 5).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳадиси шарифда: “Ким Аллоҳдан бошқага дуо қилиб вафот этса, дўзахга киради”, деб хабар берганлар (Бухорий ривояти).

Баъзи кишилар қабр олдида сочларини қиради. Уларнинг қўлларида “Зиёрат одоблари” деган китобчалари ҳам бўлиб, бу билан авлиёлар қабрини зиёрат этишни мақсад қиладилар. Одамларнинг баъзи бирлари “Авлиёлар коинотни бошқара оладилар, улар фойда ва зарар беришга қодир”, деб эътиқод қилади. Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Эй Пайғамбар, агар Аллоҳ сизга бирон бало-офат етказса, уни Ўзидан бошқа ҳеч ким арита олмайди. Агар сизга фаровонлик ё неъмат беришни истаса, ҳеч ким уни сиздан тўса олмайди. Аллоҳ азза ва жалла Ўзи истаган бандаларига фароғат ёки машаққат етказади. У тавба қилганларнинг гуноҳларини кечирувчи, Ўзига иймон келтириб, тоат-ибодат қилган кишиларга раҳмли Зотдир” (Юнус сураси, 107).

Шунингдек, қабрдаги маййитга атаб шам ва чироқларни назр қилиш ҳам ширкнинг бир туридир.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan