Биродарларга насиҳат

Мақолалар

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Биз мусулмонлар атрофимиздаги одамлар ҳам чин мусулмон бўлишини, тўғри йўлда юришини хоҳлашимиз, шунга интилишимиз керак. Бунга асло бефарқ бўлмаслигимиз лозим. Ҳар биримиз аввало ўзимизни, қолаверса, яқинларимизни дўзахдан сақлашимиз, яъни уларни дўзахга олиб борадиган ишлардан огоҳлантиришимиз керак.

Уларга: «Ҳой, кўзингни оч! Бу ҳаром иш, уни қилсанг дўзахга тушасан, ундан ҳазир бўл. Бу фарз, уни бажармаслик ҳам дўзахга олиб боради», дея Аллоҳнинг буйруқлари ва тақиқларидан огоҳлантирмасак, тўғри йўлга тушишларига ҳарис бўлмасак бўлмайди. Бу ишни ҳар бир одам, ҳар бир мусулмон қилиши керак. Бу фақат имом ёки домлаларнинг иши эмас.

Ўтган салафларимизга: «Агар шу баданинг тилка-пора қилинсагина одамлар тўғри йўлга тушади», деб айтилса: «Баданим қайчи билан тилка-пора қилиб ташланишига ҳам розиман», дейишар эди. Яъни «Одамлар хидоятланиб қолса, тўғри йўлга тушса, тўғри йўлда юрса бўлди. Бу йўлда жоним фидо бўлса ҳам майли», дейишар эди.

«Менга васият килинг», деб сўрашса: «Мана шу айвоннинг хар бир устуни тиллодан бўлиб, уларнинг хаммасини Аллоҳ йўлида эҳсон қилишимдан кўра, сенинг Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилишинг мен учун суюклидир. Мен шуни яхши кўраман», дер эдилар.

Мусулмон киши шу даражада бошқаларнинг ҳам ҳидоятда бўлишига ҳарис бўлиши керак. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Чунки Аллоҳ таоло дўзах ва жаннатни яратди, сўнг амал қилинглар, деб амр этди. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким нима учун яратилган бўлса, яъни инсон дўзах ва жаннатдан қай бири учун яратилган бўлса, унга ўшаларнинг амали енгил қилиб қўйилади», деганлар.

Шунинг учун, ҳар биримиз амалларимизга қарашимиз керак. Кимларнинг амали биз учун осон бўляпти, жаннатиларнинг амалими ё дўзахиларникими? Жаннатиларнинг амали маълум: Аллоҳга иймон келтириш, Унга бирон нарсани ширк келтирмаслик, намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш, ҳаж қилиш ва ҳоказо. Дўзахиларнинг амали эса: ширк, куфр, мунофиқлик, намоз ўқимаслик, ҳаромдан тийилмаслик, зино қилиш, маст қилувчи ичимликлар ичиш, қимор ўйнаш ва ҳоказо.

Кимга қандай амал насиб бўляпти?

Баъзи инсонларга: «Намоз ўқи», дейилса, бу иш унга жуда оғир туюлади. Бундайларга намоз ўқишдан кўра бир тоғни жойидан силжитиш осондек, гўё. Шунингдек, таҳорат қилиш ҳам унга оғир иш бўлиб кўринади. Аллоҳ сақласин бундай бўлиб қолишдан. Бу одам жар ёқасида турибди, бу ҳолидан қўрқиши, ташвишга тушиши керак. У: «Мен мусулмонман-ку ахир, ота-онам мусулмон, мусулмон диёрда туғилганман. Қуруқ мусулмонлик даъвоси билан юравераманми?! Менга кимларнинг иши осон бўляпти, дўзахиларнинг ишими ёки жаннатиларникими?» деб, ўзини сарҳисоб қилиши керак.

Номаҳрам қизлар билан юриш, маст қилувчи ичимликлар ичиш каби ишлар унга осон бўлиб қолган, йўл-йўлакай гуноҳ қилиб кетаверадиган бўлса, бу жуда хатарли ҳолат, Аллоҳ асрасин. Бундан қўрқиш керак, чунки бу дунё ўткинчидир. Арзимас лаззатни деб қиёматда абадий азобда қолиб кетиши мумкин. Ақлли одам бундан ҳазир бўлади.

Ҳар бир одам ҳушёр бўлиши керак. Ер юзида етти миллиарддан ошиқ одам бор. Шундан неча миллиарди мусулмон бўлмай, кофир диёрида туғилиб, кофир бўлиб юрибди. Аллоҳ сақласин. Масалан, Хитойда туғилганлар қай аҳволда яшайди. Африка, Бразилия ёки Европа дейсизми, хуллас кофир диёридагиларга қарасангиз ҳайвондан ҳам тубанлашиб кетишган. Аллоҳ таоло бизларга катта неъмат – иймон ато этиб, мусулмон диёрида дунёга келтирди, мусулмон бўлиб туғилдик. Биз бу неъматни қадрига етишимиз керак. Аллоҳ берган иймонни, Исломни, мусулмонликни қадрламасак, асраб-авайламасак, уни биздан олиб қўйиши мумкин.

Оддий мисол, бир одамга машинангизни бериб турсангиз ва у машинани ҳеч қаерига қарамасдан, беэътибор ҳайдаса, эҳтиёт қилмаса, «Ҳайф сенга!» дейсизда, ундан машинани олиб қўясиз.

Аллоҳ бизларга Исломни берди, шундай буюк неъматни ато этди. Буни қадрламасак, эҳтиёт қилмасак, олиб қўйиши ҳеч гап эмас. Қанчадан-қанча одамларга ўзимиз гувоҳ бўлганмиз. Ислом неъматининг қадрига етмагани, унга беписанд бўлгани учун қанча яқинларимиз, қавм-қариндошларимиз, қўни-қўшниларимиздан бу неъмат олиб қўйилганига гувоҳ бўлдик. Улардан қанчалари ичкилик ва фоҳишаликка берилган, гиёҳвандликка ружу қўйган ҳолларида ўлиб кетдилар. Намоз, ибодат нима билмай ўтиб кетдилар. «Ёшим катта бўлса намоз ўқийман», деганлар, шу ёшга етиб боролмай, пешонаси саждага тегмай ўлиб кетишди. Аллоҳ асрасин.

Ҳаммамиз ҳам қачондир ўтамиз, инсон зоти борки, ўлмай қолмайди. Кимдир ёши катта бўлиб, кимдир ёшлигида. Ўлим тўсатдан келади. Ҳозир амал бор, амал қилиб қоладиган пайт. Амал қиламан десак имкониятимиз бор. Ҳар бир одам намозга, саждага эгилса эгила олади. Ҳозир ҳисоб-китоб йўқ. «Кимсан, нима қиляпсан, нега буни қилдинг, нега буни қилмадинг?» дейдиган, шунга кўра «Мана бу азобга дучор қилиндинг», дейдиган гап йўқ. Лекин инсон эртага вафот этиши билан ҳар бир одамнинг амали тўхтайди. Буёғига ҳисоб-китоб бўлади. Раббимиз: «Сенга умр бердим, шунча неъматлар бердим, иймон бердим, миллиардлаган одамларга бермаган эдим, сенга берган эдим. Ота-онанг мусулмон эди, мусулмон диёрида туғилган эдинг, мусулмонман деб даъво қилиб юрар эдинг. Мен учун нима амал килдинг? Мен буюрган ишларни қилдингми, мен қайтарган ишлардан тийилдингми?» деб сўраса қандай жавоб берамиз?! Нима деб жавоб берамиз?! Агар амал қилмаган, намоз ўқимаган, Рамазон рўзасини тутмаган, ҳаром амаллардан тийилмаган, аёлларимизни ҳаёли бўлишга, ҳижобда юришга буюрмаган бўлсак, фарзандларимизни ибодатга, намозга йўлламаган, таълим-тарбия бермаган бўлсак, нима деб жавоб берамиз?!

Бу дунёда намоз ўқимаган киши қиёматда сажда қиламан деса эгила олмайди. Аллоҳ таоло белини қотириб қўяди. Бели худди хода ютгандек эгилмай қотиб қолади. Эгиламан, саждага бош қўяман деб, ҳаракат қилса-да, эгила олмайди.

Эгилиб сажда қилганлар, намоз ўқиганлар жаннатга кириб кетяётганини кўради. Намоз ўқимаганлар, сажда килмаганлар дўзахга улоқтирилаётганини ўз кўзи билан кўриб туради.

Зеро, вафот этиши билан ҳар бир одамга қиёмати бошланади. Дунёда сажда қилмаган бўлса, охиратда ҳам сажда қилолмайди. Бу дунёда имконияти бор эди, намоз ўқи дейилса ўқимади, сажда қилмади, энди кеч бўлди, «поезд ўтиб кетди». Аллоҳ асрасин!

Ҳозир имкон борида кўзни очиш керак. Кимга иймон берилган бўлса, унинг қадрига етиши, иймонини мустаҳкамлаши керак. Иймонини эҳтиёт қилиши, уни маҳкам ушлаши шарт.

Банда Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига, Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ эканига, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва охирги пайғамбари эканига, дини Ислом эканига иймон келтирдими, демак, Аллоҳ нимага буюрган бўлса шунга бўйсуниши керак. Бўлмаса қуруқ даъво бўлиб қолади. Амал бўлмаса қуруқ даъво фойда бермайди.

Муборак кунлар Рамазон ойи яқинлашиб келмоқда. Рамазон ойига киришдан олдин ҳар бир инсон қилган гуноҳларига тавба қилса, Аллоҳ кечиради, зеро, Аллоҳ меҳрибон ва раҳмли зотдир.

«Ислом ўтган гуноҳларнинг ҳаммасини ўчириб юборади» деганлар Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Аллоҳ бандаларига мехрибон ва раҳмлидир. Ўтмишда нима қилган бўлсак қилдик. Энди бу ёғига Аллоҳдан кечиришини астойдил умид қилиб, тавба қилайлик. «Аллоҳим, тавба қилдим, шу ёшга чиқиб нима қилган бўлсам Ўзинг билувчисан. Шунча неъматлар бердинг, мен шу неъматларинг шукрини адо қилолмадим. Кўп гуноҳлар килдим, энди тавба қиламан, тавбамни қабул эт. Тавбасиз, пешонам саждага тегмай дунёдан ўтиб кетмай. Аллоҳим, намоз ўқиб, тавба қилишни менга ҳам насиб эт», деб астойдил сўрайлик.

Рамазон ойига саноқли кунлар қолар экан, ҳар бир инсон рўза учун ўзини поклаб олиши керак. Поклаш деганда балиқ еб ҳалқумни тозалаш эмас, ҳаромдан тийилиб, барча ҳаром амалларни четга суриш керак. Нима ҳаром бўлса, Аллоҳ нимадан қайтарган бўлса, ҳаммасидан юз ўгириш керак. Билъакс, Аллоҳ нимани буюрган бўлса, ҳамма буйруқларни сўзсиз бажариш лозим. Ана ўшанда, ўлим тўсатдан келиб қолса ҳам, мўминга раҳмат бўлиб қолади. Ўзи ўлим тўсатдан келади. Билиб бўлмайди ёш одам ҳам, юриб турган одам ҳам ўлиб қоляпти. Ўлимга доим тайёр туриш керак. Мусулмон одамга ўлим раҳмат бўлади.

Лекин акси бўлсачи? Бенамоз, ибодатсиз, ҳаром амаллардан тийилмаган одам бўлсачи? Ўлим бундай одамга кулфат бўлади, бало бўлади. Чунки у тавба қилишга ҳам улгурмай қолади. Аллоҳ сақласин!

Инсон ҳаётда шундай яшаши керакки, фарзандларига: «Ҳой фарзандларим, менга ўхшаларинг. Мен нима қилсам шуни қилинглар», дея олсин. Сиз фарзандларингизга шундай дея оласизми? «Йўқ» бўлса, демак инсон ўйлаб кўриши керак. Ўзини яхши сифатга, гўзал хулққа эга қилиб олиши керак. Уялиб қолмайдиган ишларни қилиши, мабодо бирон ерда қилган иши очиб ташланса ҳам уялиб қолмайдиган, ёруғ юз билан тура оладиган бўлиши керак. Барча халойиқлар олдида ва хусусан Аллоҳнинг ҳузурида. Чунки қиёматда ҳамма нарса очилади. «Мана кўриб қўй, фалон пайтда фалон ишни қилган экансан. Тан оласанми?» дейилади. Тан олмай бўладими?! Бу дунёда биров кўрмаслиги мумкин. Бу дунёдаги азобдан, шармандаликдан инсон қутулиб қолиши мумкин. Лекин охиратда қочиб қутула олмайди. Чунки Аллоҳ таоло ҳаммасини кўриб турибди. Ёзиб турувчи фаришталарга амр этган, улар бирон нарсани қолдирмай ёзиб борадилар. Нима қилган бўлсак, нима гапирган бўлсак, барчасини ёзиб боради. Шундай бўлгач жуда ҳушёр бўлишимиз керак. Аллоҳ берган неъматни қадрлашимиз, Унинг ғазабига дучор бўладиган ишлардан узоқ бўлишимиз бирламчи вазифамиз бўлиши лозим.

Шундоқ ҳам кундан-кунга балолар кўпайиб бормоқда. Бир ер силкиниши, бир сув тошқини, шамол-бўронлар, мана энди бундай касалликлар…

Қиёматнинг кичик аломатлари кўриниб бўлди ҳисоб. Катта аломатлар қолди, холос. Қиёмат яқин қоляпти. Бир инсон ўлди дегани унинг учун қиёмат бошланди дегани. Ҳар бир инсон вафот этиб, қабрга кирганида ёлғиз кафани билан дафн этилади. Бу ҳам Аллоҳ насиб қилса, насиб қилмаганларга шу ҳам йўқ. Йиғиб-терган ҳамма нарсаси ортида қолади. Мол-дунё, хотин, бола-чақа ҳамма-ҳаммаси қолиб кетади.

«Оилам, болам-чақам, деб юрибман, шу сабаб ибодат қилишга вақтим йўқ», дейдиганлар бор.

Ҳой инсон, эртага ўлсанг хотининг бошқага тегиб кетади, болаларинг ҳам меросдан улушини олиб, ўзи билан бўлиб кетади. Улар ҳам болаларини уйлантириш, турмушга бериш билан овора бўлади. Сен билан қабрга хотининг, болаларинг кирмайди. Қабрга яхшими-ёмонми, амалларинг билан кирасан, амалларингдан сўраласан. «Аллоҳни танидингми, динингга амал қилдингми, дин учун нима қилдинг, Пайғамбарингни таниб, суннатларига амал килдингми?» деб сўраласан.

Ҳар биримиз шундай сўраламиз. Амалларимиз бўлмаса, қабрга кирганда на мол-дунё, на таниш-билиш ёрдам бермайди. Фақат амалимиз билан қоламиз. Амалимиз йўқ бўлса нима қиламиз, додимизни кимга айтамиз? Қабрда азоб берувчи фаришталар бор. Улар Аллоҳнинг буйруқларини сўзсиз бажаришади. Улар дод-фарёдни эшитмайди, кўзи кўр, қулоғи кар. Ҳеч нимага қарамай азоблайверишади.

Қабр сиқишини айтмайсизми? Унинг торайишини тасаввур қилинг-а?! Аллоҳ асрасин!

Кимгадир қабри дўзахдан бир чуқур бўлади. Намозсиз, иймонсиз ҳолда дунёдан ўтган бўлса, шундай бўлади. Лекин тоат-ибодат қилиб, ҳаромдан тийилиб, намозни вақтида адо этиб, закотни бериб, Рамазон рўзасини тутиб юрган бўлса, унга қабри жаннатдан бир боғ бўлади. Жаннатнинг хушбўй ҳидларидан, майин шамолларидан келиб туради. Бу роҳат қаерда-ю азоб қаерда! Ақлли одам ўзи танлаши керак, азобни танлайдими, роҳатними?

Дунёдаги вақтинча роҳатни деб абадий азобда қолиш ақлли одамнинг иши эмас.

Биз олдинга қарашимиз керак. Сабаби, дунё орқада қолиб кетади. Охират олдимизда турибди. Биз учун энг муҳими рўпарамиздагиси, ўтиб кетадигани эмас.

Жаннат қийинчиликлар билан ўралган. Озгина машаққатни енгиб ўтсак, у ёғи жаннат, иншааллоҳ. Жаҳаннам роҳат, кайфу сафо, фаҳш, инсон нафси хоҳлайдиган нарсалар билан ўралган. Шайтон: «Буни қил, уни қил», деб васваса қилади. Банда бир гуноҳ қилса, жазосига иккинчи гуноҳ келади ва уни ҳам қилади. Шу йўсинда гуноҳга ботиб кетади. Ботиб бораверади, бораверади ва ниҳоят рўпарасидан жаҳаннам чиқиб келади. Жаҳаннам вақтинчалик жой эмас. Жаҳаннамдан ўлиб ҳам қутулиб бўлмайди. Қиёматда ўлим йўқ. У кунда ўлим ҳам ўлдириб юборилади.

Жаннат ҳам абадий, дўзах ҳам абадий. Ҳозир имконият бор экан, ғафлатда қолмайлик. Аллоҳ таолога кўп тавба қилиб, қилган гуноҳларимизни кечиришини сўрайлик. Қолган умримизни ибодат билан, яхшиликларга шошилиб, ёмонликлардан четланиб солиҳ бандалар қаторида бўлишга ҳаракат қилайлик. Кўпи кетиб, ози қолди. Отимизни қамчилаб қолмасак маррага етолмай қолишимиз мумкин.

Оз-оздан амални кўпайтириб боринг. Бирданига кўп нарса талаб қилинмайди ҳеч кимдан. Кучингиз етганича, аввало энг муҳимидан бошланг. Биринчи нима керак? Иймон. Аллоҳнинг бирлигига, Ундан ўзга ҳақ маъбуд йўқ эканига иймон келтирдикми, алҳамдулиллаҳ. Кейин намоз бошлашимиз керак. Бир кунда беш вақт намозни канда қилмай, ўз вақтида ўқиш зарур. Намозсиз нажот топиб бўлмайди. Қиёматда биринчи сўраладиганимиз намоз бўлади. «Намоз ўқиганми?» деб сўралади. «Ҳа ўқиган», дейилса, кейин савол-жавобга ўтилади. Намоз ўқимаган бўлса, савол-жавоб қилиб ҳам ўтирилмай дўзахга улоқтирилади.

Шундай кишилар борки, яхши ишлари кўп. Кўп яхшиликлар қилади, садақалар беради, ҳатто бир неча бор ҳаж ва умрага бориб келади, бироқ намоз ўқимайди. Бундайлар бенамозлиги сабаб шунча қилган савоб ишлари бекор кетмаслиги учун намозни бошлаши керак.

«Намоз ўқимасам амалларим қабул бўлмайдиган бўлса, амал қилмай қўяқолай», дейиш ўрнига, «Не умидлар билан қилган амалларим намоз ўқимасам қабул бўлмаслиги мумкин бўлса, дарҳол намоз бошлашим керак экан», деб яхшилик томон, жаннат томон қадам қўйган яхши эмасми?

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Жаннатнинг калити намоздир. Намознинг калити эса таҳоратдир» (Термизий ривояти).

Модомики, иймон келтириб, мусулмонликни даъво қилдикми, намоз ўқийлик. Намозни вақтида кунда беш маҳал, покиза бўлиб, таҳорат олиб вақтидан кечиктирмасдан ўқишлик барчамизга насиб қилсин.

Ибодатда юрган инсон камбағал бўлса ҳам кўнгли тўқ, қалби шод бўлиб юради. Дунё ташвишларига кўп ҳам сиқилавермайди. Боиси, Аллоҳ унга хотиржамлик беради, кўзини тўқ қилиб қўяди.

Қанча-қанча миллионер одамлар бор, лекин ўзини қўярга жой тополмайди. Кенг дунё унга тор бўлади. Нега шундай? Аллоҳ таоло бунинг жавобини Қуръонда айтиб қўйган: «Ким Менинг огоҳлантиришимдан юз ўгирса, дунёда гарчи яхши ва енгил ҳаёт кечираётгандек кўринса-да, аслида у учун тор ва машаққатли ҳаёт бўлади. Қабри унга торайтирилиб, қабрида азобланади, қиёмат куни эса Биз уни кўр ҳолда тирилтирамиз. Аллоҳнинг зикридан юз ўгирган ўша кимса: «Эй Раббим, Сен мени нега кўр ҳолда тирилтирдинг? Дунёда кўзларим кўрар эди-ку!» дейди. Аллоҳ таоло унга айтади: «Мен сени кўр қилиб тирилтирдим. Чунки сенга Менинг очиқ-равшан оятларим келганида улардан юз ўгирдинг, уларга иймон келтирмадинг. Дунёда уларни қандай ташлаган бўлсанг, бугун ўзинг дўзахда худди ўшандай ташлаб қўйиласан». Ҳаддидан ошиб, Раббига исён қилган ва Унинг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни Биз бу дунёда ана шундай азоб-уқубатлар билан жазолаймиз. Улар учун охиратда ҳозирлаб қўйилган азоб узлуксиз ва битмас-туганмас бўлгани учун янада аламлироқ, давомлироқ ва қаттиқроқдир» (Тоҳа, 124-127).

Баъзи инсонларга қарасангиз ҳамма нарсаси бор, аммо роҳати, хотиржамлиги йўқ. Ҳаётда бахт-саодатга эришолмаган.

Қачон инсон саодатга эришади, хотиржам бўлади? Фақат Аллоҳнинг зикри билан, Унга тоат-ибодат қилиш билан бахт-саодатга эришиш мумкин. Бахтни пулга сотиб олиб бўлмайди. Бахт пулда ёки мансабда эмас. Аллоҳ таолога чин қулликда.

Ўзимизни ислоҳ қилайлик. Тоат-ибодат қилмасак, ҳаром-ҳаришдан узоқ бўлмасак, кеч бўлиб қолиши мумкин, Аллоҳ сақласин. Аллоҳ берган имкониятдан фойдаланиб қолайлик.

Рамазон яқин қолди. Бу муборак ой олдидан иймонимизни чархлаб, мусулмонлигимизни чин маънода, тилда эмас амалда исбот этиш фурсатидан фойдаланиб қолайлик. Рўзани тутиб, кечаси таровеҳ намозида қоим бўлиб, тавба-тазарру билан бу улуғ ойни ўтказишга ҳаракат қилайлик. Рамазондан кейин онадан янги туғилгандек покиза бўлиб чиққач, шу покликни узоқрок муддатга чўзишга, яна гуноҳлар билан булғамасликка астойдил бел боғлайлик. Пайғамбар алайҳиссалом: «Амалларнинг яхшиси давомлисидир», деб айтганлар.

Амал оз-оздан бўлса ҳам давомли бўлгани маъқул. Бирданига кўп нарса қиламан деб, кейин тўхтаб қолиш маъқул эмас.

Намоз ўқишни билмаганлар ўрганишга ҳаракат қилиб, намозга тушсинлар. Қуръон ўқишни ўргансинлар. Кунлар ўтиб кетяпти, ҳар куни бир ҳарфдан ўрганса, бир ойда Қуръонни ҳижжалаб бўлса ҳам ўқий оладиган бўлади. Аёлларимизни ҳижобга киргизайлик. Чунки кўча-кўйда, номаҳрамлар олдида аёлларни ҳижобсиз юришлари ҳаромдир. Ҳижоб фарз. Фарзандларимизни намоз ўқишга ўргатайлик. Умуман ота-оналар болаларини ёшлик чоғиданоқ ибодат ва итоат руҳида ўстириши, уларга ҳалол-ҳаромни ўргатиши, оқ-қорани танитиши керак. Шоир айтганидек:

Биз томонда ўспирин ёшлар

Отасида кўрганин қилар.

Ота нега одатлантирса

Боласи ҳам шундайин бўлар.

Халқимизда «Қуш уясида кўрганини қилади», деган гап борку ахир.

Оталар ўғилларини ўзлари билан масжидга олиб боришлари, уларга Қуръон ва суннатни, намоз қандай амал экани, неча маҳаллиги, қандай ўқилиши, ўқимаса нима бўлишини таълим беришлари, ёшлик чоғиданоқ уларни намоз ўқишга одатлантиришлари лозим.

Ота-оналаримиз намоз ўқишмаса, уларни яхши гап билан, ҳикмат ишлатиб, қўполлик қилмай, чиройли сўзлар билан намоз ўқишга тарғиб қилайлик. Уларга кўп яхшилик қилиш, ширин сўзлар айтиш, ҳадялар бериш билан кўнгилларини олайлик. Чарчамай, зерикмай хизматларида бўлайлик, хусусан кексайган пайтларида.

Дўзахга олиб борадиган ишлардан аввало ўзимиз сақланайлик, қариндош-уруғларимизни, яқинларимизни, хусусан ака-ука ва опа-сингилларимизни ҳам огоҳ этайлик.

Аллоҳ таоло ҳаммамизни тўғри йўлга бошласин. Пешоналаримиз саждага тегмай ўтиб кетишдан Ўзи сақласин. Бизларни намозхон, рўзадор бандалари қаторида қилсин. Ҳаром амаллардан узоқ қилсин. Ҳалол йўлда юрадиган жаннат аҳлидан бўлишни Аллоҳ барчамизга насиб қилсин.

Камолиддин Иноятуллоҳ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan