Кун ҳадиси

Мақолалар Ҳадислар

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ:
قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:

» لَيْسَ الْمُؤْمِنُ بِالطَّعَّانِ، وَلَا اللَّعَّانِ، وَلَا الْفَاحِشِ، وَلَا الْبَذِيءِ «.

رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Мўмин таъначи, лаънатчи, фаҳшчи ва уятсиз бўлмайди», дедилар.

Термизий ривоятлари.

Мўмин киши бўлар-бўлмасга таъна қилавермайди. Мўмин киши ҳаммага лаънат ҳам айтавермайди. Бундай сифатлар мўмин кишига ярашмайди. 
Фаҳш ишлар, бешарм, беҳаё сўз ва хатти-ҳаракатлар ҳам мўмин кишининг сиймосига тўғри келмайди. 
Мўмин киши бадхулқлик, пасткашлик, ифлослик каби иллатлардан ҳам четда туриши, эҳтиёт бўлиши, бировларга таъна қилавермаслиги, лаънатлайвермаслиги, кўпчиликнинг ичида ҳам, ёлғиз суҳбатларда ҳам фаҳш сўзларни гапирмаслиги, уятсиз гап-сўзлардан, хатти-ҳаракатлардан тийилиши, мусулмон кишининг обрўсига, шаънига тўғри келмайдиган тасарруфларда бўлмаслиги лозим. 
Бу борада яхши сифатлар билан сифатланган инсон юксак Исломий маданият соҳиби бўлади, уни кўрган ҳар бир одам ҳавас қилади ва энг муҳими, бу кишининг гўзал хулқи, хуш табиатлилиги, барча яхшиликлари унинг Исломдан эканига далолат қилиб туради. 
Бундай гўзал сифатлар билан сифатланган киши Исломнинг жонли тарғиботчиси бўлади. Кўрганларда «Мўмин, мусулмон киши ана шундай бўлар экан, қанийди, бизнинг болаларимиз ҳам шундай бўлса», деган ҳавас ҳосил бўлади. 
Чунки, дунё тарихида ҳеч ким бировни сўкиб, лаънатлаб, фаҳш гапларни айтиб муродига етмаган. Бундай бўлиши мумкин ҳам эмас. Ундай одам пасткаш бўлади, холос. 
Агар дунёни сўраб турган катта одам бўлса ҳам, оғзидан икки оғиз уят гап чиққандан кейин унинг ҳурмати кетади. Одамлар у ҳақда: «Ўзи фалончи бўлгани билан, фалон пайтда фалон жойда ана шундай ярамас гапларни гапирган», дейишади. Аллоҳ таоло шундай бўлиб қолишдан сақласин.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan